domingo, 26 de julho de 2015

БИРИНЧИ ЮҲАННО: UZBEK, NORTHERN


БИРИНЧИ ЮҲАННО 11Азалдан бор бўлган Ҳаёт Каломи борасида биз эшитиб тамошо қилган, кўзларимиз кўрган, қўлларимиз сезганини сизларга маълум қилмоқдамиз. 2Ҳаёт зоҳир бўлди, Отанинг ҳузуридаги абадий Ҳаёт бизга зоҳир бўлди. Биз Уни кўрдик ва шоҳид бўлиб сизларга билдирмоқдамиз. 3Сизлар биз билан муносабатда бўлинглар, деб мана шу кўриб эшитганларимиздан сизларни хабардор қилмоқдамиз. Биз эса Ота билан ва Унинг Ўғли Исо Масиҳ билан муносабатдамиз. 4Буларни сизларнинг шодлигингиз тугал бўлиши учун ёзяпмиз. 5Масиҳдан эшитиб, сизларга билдираётган хабаримиз шуки, Худо – нур, Унда ҳеч қандай қоронғилик йўқ. 6Агар У билан алоқа қиламиз, деб қоронғиликда юрсак, ёлғон гапириб, ҳақиқатга хилоф иш қилган бўламиз. 7Бироқ Унинг Ўзи нурда бўлгани каби, биз ҳам нурда юрсак, бир-биримиз билан алоқа қиламиз ва Унинг Ўғли Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади. 8Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва кўнглимизда ҳақиқат бўлмайди. 9Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир. 10Агар гуноҳ қилганимиз йўқ десак, Худони ёлғончи қилиб қўйган бўламиз ва қалбимиздан Унинг каломи жой олмайди.

БИРИНЧИ ЮҲАННО 21Эй фарзандларим, буларни шунинг учун ёзяпманки, сизлар гуноҳ қилманглар. Бордию бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отанинг олдида одил ҳомиймиз – Исо Масиҳ бор. 2Унинг Ўзи ёлғиз бизнинг гуноҳларимизнигина эмас, балки бутун дунёнинг гуноҳларини ювиш учун қурбон бўлди. 3Агар биз Унинг амрларига риоя қилсак, Уни билиб олганимизга амин бўламиз. 4Уни биламан деб туриб, Унинг амрларига риоя қилмаган киши ёлғончи бўлади, унда ҳақиқат йўқ. 5Кимки Масиҳнинг каломига риоя қилса, у кишида Худонинг севгиси ҳақиқатан камолга етган бўлади. Биз Худо билан бир тан эканимизни ана шундан билиб оламиз. 6Худо билан бир танман, деган киши Масиҳ юргандай юрмоғи шарт. 7Эй маҳбубларим, сизларга янги амрни эмас, балки ўзингиз дастлаб қабул қилган қадимги амрни ёзяпман. Қадимги амр – сизлар эшитган Худо каломи. 8Шу билан бирга, янги амрни ёзяпман десам ҳам бўлади, зеро қоронғилик ўтиб, ҳақиқий нур ҳозирдан порламоқда. Бу ҳақиқат Масиҳда ҳам, сизларда ҳам очиқ кўринмоқда. 9Кимки нурда юрибман деса-ю, лекин биродаридан нафратланса, у ҳали ҳам қоронғиликдадир. 10Кимки биродарини севса, у нур ичида яшайди ва қоқинишга йўл қўймайди. 11Аммо биродаридан нафратланган киши қоронғиликда бўлади. У қоронғиликда юради-ю, қаерга бораётганини билмайди; чунки қоронғиликда унинг кўзлари кўр бўлган. 12Эй фарзандларим, сизларга ёзяпман: Масиҳ номи туфайли гуноҳларингиз кечирилган. 13Эй оталар, сизларга ёзяпман: Азалдан бор Бўлганни билдингизлар. Эй йигитлар, сизларга ёзяпман: Ёвуз шайтон устидан ғолиб чиқдингиз. Эй болалар, сизларга ёзяпман: Сизлар Отамиз Худони таниб олдингиз. 14Оталар, сизларга ёздим: Сиз азалдан бор Бўлганни таниб олдингиз. Йигитлар, сизларга ёздим: Сизлар бақувватсизлар, Худо каломини дилингизда сақлаётирсиз, Ёвуз шайтон устидан ғолиб чиқдингизлар. 15Дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўйманглар. Ким дунёга муҳаббат қўйса, унинг қалбидан Отанинг муҳаббати жой олмайди. 16Чунки дунёга хос ҳар бир нарса – тана нафси, ҳирсли кўзлар, маишатга оид кибр-ҳаво Отадан эмас, балки дунёдандир. 17Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Лекин Худонинг иродасини бажо келтирган киши абадий яшайди. 18Эй фарзандларим, дунёнинг сўнгги дамлари келди! Дажжол келишини эшитгансизлар, ҳозирданоқ кўп дажжоллар пайдо бўлди. Ана шундан биз сўнгги дамларни яшаётганимизни биламиз. 19Улар ўзимизнинг орамиздан чиқдилар, лекин улар бизга қарашли эмас. Агар бизга қарашли бўлганларида эди, биз билан қолган бўлар эдилар. Улар биздан айрилиб кетдилар, маълум бўлдики, ҳаммаси ҳам бизга қарашли эмас. 20Сизлар ҳаммасини биласизлар, чунки сиз табаррук Масиҳнинг Руҳига эгасизлар. 21Мен буни, ҳақиқатни билмайдилар, деб ёзаётганим йўқ. Аксинча, сизлар ҳақиқатни биласизлар, шунингдек, ҳар қандай ёлғон ҳақиқатдан пайдо бўлмаслигини биласизлар. 22Агар Исонинг Масиҳлигини инкор этувчи ёлғончи бўлмаса, унда ёлғончи ким? Ота ва Ўғилни ким инкор этса, дажжол ўшадир. 23Кимда-ким Ўғилни инкор этса, унда Ота йўқ. Кимда-ким Ўғилни тан олса, унда Ота ҳам бор. 24Сизлар азалдан эшитган каломни дилингизда сақланглар. Агар азалдан эшитган калом дилингизда сақланса, сизлар ҳам Ўғил, ҳам Ота билан бир тан бўласизлар. 25Масиҳнинг бизларга берган ваъдаси ана шу, яъни абадий ҳаётдир. 26Буларни сизларни янглиштирадиганлар борлиги учун ёздим. 27Ҳолбуки, сизлар Масиҳнинг Руҳини қабул қилгансизлар. Унинг Руҳи ичингизда яшаётгани учун, сизларга ҳеч кимнинг бирор нарса ўргатишига эҳтиёж йўқ. Масиҳнинг Руҳи ҳақиқий, сохта эмас. У сизларга ҳамма нарсани ўргатади. Масиҳ сизларга ўргатганидек, У билан алоқада бўлиб яшанглар. 28Ҳа, фарзандларим, энди Масиҳ билан алоқада бўлиб яшанглар, токи У оламга қайтиб келганда дадил бўлайлик, Унинг олдида уятга қолмайлик. 29Агар Унинг солиҳ эканлигини билар экансизлар, шуни ҳам билингларки, тўғри иш қилган ҳар бир киши Унинг фарзандидир.

БИРИНЧИ ЮҲАННО 31Қаранглар, Отамиз бизни болаларим деб, қандай буюк бир муҳаббат кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг болаларимиз. Дунё Отамизни танимагани учун, бизни ҳам танимаяпти. 2Эй маҳбубларим, ҳозир биз Худонинг болалари бўлсак-да, келажакда нима бўлишимиз ҳануз ноаниқ. Фақат шуни биламизки, Исо Масиҳ зоҳир бўлганда, биз У сингари бўламиз; У қандай бўлса, шундай ҳолда кўрамиз. 3Масиҳга бундай умид боғлаган ҳар бир киши ўзини поклайди, чунки Масиҳ покдир. 4Гуноҳ қилувчи ҳар бир киши қонунбузар билан тенгдир. Гуноҳ – қонунсизлик демакдир. 5Масиҳ эса гуноҳларимизни аритиш учун пайдо бўлганини биласизлар. Унда гуноҳ йўқ. 6Масиҳ билан бир тан бўлган ҳеч кимса гуноҳ қилмайди. Ким гуноҳ қилиб юрса, Уни кўрмаган ҳам, танимаган ҳам. 7Эй фарзандларим, ҳеч ким сизларни алдамасин. Масиҳ қандай солиҳ бўлса, тўғри иш қилувчи киши ҳам У сингари солиҳдир. 8Гуноҳ қилувчи киши эса иблис зотидир. Чунки дастлаб иблис гуноҳ қилган. Худонинг Ўғли эса иблиснинг ишларини барбод қилмоқ учун пайдо бўлди. 9Худодан туғилган ҳеч бир киши гуноҳ қилмайди, чунки Худонинг уруғи унинг ичида қолади. У Худодан туғилгани учун гуноҳ қила олмайди. 10Кимда-ким тўғри иш қилмаса, биродарини севмаса, у Худо зотидан эмас. Худонинг болалари ҳам, иблиснинг болалари ҳам шундан билинади. 11Бошда сизлар Масиҳдан эшитган васият шу: бир-биримизни севайлик! 12Ўз укасини қатл қилган иблис зоти Қобилга ўхшамайлик. Қобил укасини нима учун ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабиҳ, укасининг ишлари эса солиҳ эди. 13Эй биродарларим, агар дунё сиздан нафратланаётган бўлса, ҳайратланманглар. 14Биз ўлим ҳолатидан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биз биродарларимизни севамиз. Кимки биродарини севмаса, ўлим ҳолатида қолади. 15Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил эса абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар. 16Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз муҳаббатни билдик. Биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни беришга бурчлимиз. 17Агар бирор киши фаровон ҳаёт кечираётган бўлса-ю, биродарини муҳтожлик ҳолатида кўриб туриб, кўнглини тош қилса, қандай қилиб у одамда Худонинг севгиси жой олади? 18Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим. 19Шу тариқа биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз ва Худо олдида кўнглимиз хотиржам бўлади. 20Агарда кўнглимиз бизни айбласа, Худо кўнглимиздан улуғ эканини биламиз. Чунки У ҳамма нарсани аниқ билади. 21Эй маҳбубларим, агар виждонимиз бизни қийнамаса, Худо олдида дадил бўламиз 22ва Ундан нимаики сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажо келтириб, Унга мақбул бўлган ишларни қилаётирмиз. 23Илоҳий амр – Худонинг Ўғли Исо Масиҳга ишонишдан ва худди Исо Масиҳ буюрганидек, бир-биримизни севишдан иборат. 24Ким Худонинг амрларини бажо келтирса, у Худо билан бир тан, Худо ҳам у билан бир тан бўлади. Худо вужудимизда яшаётганини шундан биламизки, У бизга Ўз Руҳини берди.

БИРИНЧИ ЮҲАННО 41Эй маҳбубларим, ҳар қандай руҳга инонавермангиз. Худодан бўлган-бўлмаганлигини билиш учун руҳларни синовдан ўтказингиз. Чунки дунёда кўпгина сохта пайғамбарлар пайдо бўлган. 2Одам вужуди билан дунёга келган Исо Масиҳни тан олувчи ҳар бир руҳ Худодандир. Худонинг Руҳини шундан танийсизлар. 3[Одам вужуди билан дунёга келган] Исо Масиҳни тан олмовчи ҳар қандай руҳ Худодан эмас. Бу – дажжолнинг руҳи. Дажжол келишини сизлар эшитган эдингизлар. Мана, ҳозирдан у дунёдадир. 4Эй фарзандларим, сизлар Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Чунки ичингиздаги Руҳ дунёда ҳукм сураётган руҳдан устундир. 5Улар бу дунёдан, уларнинг гапи ҳам бу дунёга оид, шунинг учун дунё уларни тинглайди. 6Бизлар эса Худоданмиз, ким Худони таниса, у бизни тинглайди. Худодан бўлмаган бизни тингламайди. Ана шундан биз ҳақиқат руҳини ва алдаш руҳини таниймиз. 7Эй маҳбубларим, бир-биримизни севайлик. Чунки севги Худодандир. Ҳар бир севувчи киши Худодан туғилган ва Худони танийди. 8Севмайдиган киши Худони танигани йўқ. Чунки Худонинг Ўзи севгидир. 9Худо бизга бўлган муҳаббатини очиқ кўрсатди: У ягона Ўғлини дунёга юбориб, У орқали бизга ҳаёт бағишлади. 10Биз Худони севмаган эдик, У бизни севди ва Ўз Ўғлини гуноҳларимизни ювиш учун қурбонлик қилиб юборди. Ана, бу муҳаббатдир! 11Эй маҳбубларим, Худо бизни шундай севганига яраша, бизлар ҳам бир-биримизни севишимиз қарздир. 12Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас. Агар бир-биримизни севсак, Худо бизнинг ичимизда қолади ва Унинг муҳаббати бизда камол топади. 13Унинг бизга берган Руҳи орқали биламизки, Худо биз билан, биз Худо билан бир танмиз. 14Ота Ўз Ўғлини дунёнинг Халоскори қилиб юборди, буни биз кўрдик ва гувоҳлик берамиз. 15Агар ким Исони Худонинг Ўғли деб тан олса, Худо у билан, у Худо билан бир тан бўлиб яшайди. 16Худо бизга нақадар муҳаббат қўйганини биламиз ва бунга имонимиз комил. Худо севгидир. Севгини дилига жо қилган киши Худо билан бир тан бўлиб яшайди, Худо ҳам унинг вужудида яшайди. 17Шу тариқа севги дилимизда камол топади ва қиёматда сўроқ бўлганда дадил бўламиз. Чунки биз бу дунёда Масиҳ яшагандай яшаймиз. 18Севгида қўрқув йўқ, аксинча, комил севги қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишида севги камолотга етмаган, чунки қўрқув жазо тушунчаси билан боғлиқдир. 19Биз Уни севайлик, чунки аввал У бизни севди. 20Агар бирор киши «Худони севаман» деса-ю, биродаридан нафратланса, у ёлғончидир. Кўриб турган биродарини севмаса, кўрмаган Худони қандай сева олар экан?! 21Ким Худони севса, биродарини ҳам севмоғи лозим, деган амрни биз Масиҳдан олганмиз.

БИРИНЧИ ЮҲАННО 51Исо Масиҳдир деб ишонган ҳар бир киши Худодан туғилган. Отани севган ҳар бир киши боласини ҳам севади. 2Агар Худони севсак ва Унинг амрларига амал қилсак, Унинг болаларини ҳам севишимиз шаксиздир. 3Худони севиш – Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас; 4чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгади. Мана шу бизнинг имонимиз дунё устидан ғолиб чиқди. 5Исо Худонинг Ўғли деб инонган кишидан бошқа ким ҳам дунёни енга оларди?! 6Исо Масиҳ сув ва қон билан келди. У фақат сув билан эмас, сув ва қон билан келди. Руҳ эса У ҳақда гувоҳлик беради, чунки Руҳ ҳақиқатдир. 7Шундай қилиб [осмонда учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир. 8Ерда ҳам] учтаси гувоҳлик беради: Руҳ, сув ва қон. Бу учови бир. 9Гарчи инсонларнинг гувоҳлигини қабул қилсак-да, аммо Худонинг гувоҳлиги ундан муҳимроқ, бу эса Худонинг Ўз Ўғли ҳақида берган гувоҳлигидир. 10Ким Худонинг Ўғлига инонса, у ўз юрагида Худонинг гувоҳлигига эгадир. Худога инонмаган, яъни Унинг Ўз Ўғли ҳақида берган гувоҳлигига инонмаган киши Худони ёлғончи қилиб қўйган бўлади. 11Худонинг гувоҳлиги шундан иборатки, Худо бизларга абадий ҳаёт берди. Бу ҳаёт эса Унинг Ўғлида мужассамдир. 12Ким Худонинг Ўғлига эга бўлса, ҳаётга эгадир. Ким Худонинг Ўғлига эга бўлмаса, ҳаётга эга эмас. 13Мен буларни сизлар абадий ҳаётга эгалигингизни билинглар, деб ёздим. Чунки сизлар Худонинг Ўғли номига имон келтиргансизлар. 14Биз Худо ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади. 15Агар Худо тилакларимизни тинглаётганини билсак, тилакларимиз бажо бўлганини ҳам биламиз. 16Агар бирор киши биродарининг гуноҳ қилаётганини кўрсаю, бу гуноҳ абадий ўлимга сабаб бўлмаса, у учун ибодат қилсин. Унинг ибодати туфайли биродарига ҳаёт бағишланади. Мен буни гуноҳи абадий ўлимга сабаб бўлмайдиганлар учун айтяпман. Абадий ўлимга сабаб бўладиган гуноҳ ҳам бор. Бундай гуноҳ учун ибодат қилинг, демаяпман. 17Ҳар қандай ёмонлик гуноҳдир, аммо ҳамма гуноҳ ҳам абадий ўлим билан тугамайди. 18Худодан туғилган ҳар бир одам гуноҳ қилмаслигини биламиз. Худонинг Ўғли уни Ўз паноҳида асрайди, ёвуз шайтон унга тегмайди. 19Биламизки, бизлар Худоданмиз, бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир. 20Яна шуни ҳам биламизки, Худонинг Ўғли келиб, Ҳақни танишимиз учун бизга ақл-идрок берди. Биз Ҳақ билан, Унинг Ўғли Исо Масиҳ билан бир танмиз. У Ҳақ Таоло ва абадий ҳаётдир. 21Эй фарзандларим, бутлардан сақланинглар. Омин.

http://www.bible.is/UZBIBT/1John/1/D

Nenhum comentário:

Postar um comentário